Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ҳаёт ўйин эмас, тўй дабдаба билан бўлмас
29 Dec 2017

МУЛОҲАЗА УЧУН МАВЗУ


Тўй маросими алламаҳалгача чўзилди. Тўйхона маъмуриятининг «Бўлди энди, фотиҳа ўқилсин, иш вақтимиз тугади», дея қайта-қайта огоҳлантиришига қарамай, куёв жўралару келин дугоналар даврани бўшатишни истамас, жазавага тушиб ер тепишарди. Ногаҳон додлаган овоз эшитилди. Бир лаҳзада оёқостида қон қалқиди...

Келин дугона — Шаҳлонинг бемалол қадаҳ кўтариши, кўзларини ишва билан нозланиб рақсга тушиши куёв жўраларни бефарқ қолдирмади. Улардан бири дам-бадам Шаҳлонинг белига қўл чўзарди. Қизнинг қаршилик қилмаётганини кўрган йигит ниҳоят унинг елкасига қўл ташлаб, биргаликда сакрай бошлади...

— Амакингнинг қизи ўзини босолмай қоптими? Сени ўрнингда бўлганимда эсини киргизиб қўйган бўлардим...

Ичкилик таъсиридан сармаст Сарвар бу гапни ким айтганини англамади. Фақат қулоқлари остида «эсини киргизиб қўярдим», деган жумла такрорланаверди. У ўрнидан туриб, даврага қандай борганини билмайди, қўлидаги пичоқни Шаҳлонинг биқинига санчди. Қизларнинг қичқириғидан ўзига келганда кеч бўлганди...

Тўйдаги тийиқсизлик бир навқирон умрнинг хазон бўлишига, бир йигитнинг тақдири издан чиқишига олиб келди.

Тўй бир ёки икки оилагагина хос тантана эмас, балки халқимизнинг маънавияти ва маданияти даражасини кўрсатувчи кўзгудир. Унда урф-одатларимиз, ўзлигимиз намоён бўлади. Шундай экан, нега тўйлардаги «ур-йиқит» рақсларга, ҳеч ким тушунмайдиган, қулоқ пардасини йиртувчи шовқин-суронга бефарқ қараяпмиз?!

— Бугун тўйларимизда миллатимизга ёт иллатлар намоён бўлмоқда, — дейди Кармана туманидаги «Дўрмон» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулнора Жабборова. — Давра очилиши билан кимўзарга рақс бошланади. Оёқ босишга жой қолмайди. Чеккадан туриб кузатсангиз, ёшларнинг қилиқларидан уялиб кетасиз.

Қиз бола — оиланинг ор-номуси. У уйдан чиқиб кетаётганда ўзи билан ота-онаси, ака-укаларининг шаънини ҳам олиб чиқиб кетаётганини ҳис қилиши шарт. Бунинг учун эса оилада, маҳаллада, таълим муассасасида тарбиявий ишларни тўғри йўлга қўйиш лозим.

— Ҳозир тўйларда келиннинг гул улоқтириши урфга кирган. Эмишки, уни тутиб олган қиз тез орада турмушга чиқармиш, — дея фикрини давом эттирди Г.Жабборова. — Миллий қадриятларимизга кўра, қиз боланинг турмушга чиқиш учун бунчалар очиқча ҳаракат қилиши уят ҳисобланади-ку. Ахир, қиз бола одоби билан гўзал эмасми? Шу боис маҳаллада ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда оналарга, балоғат ёшидаги қизларга миллий менталитетимизга хос бўлмаган бундай янгича одатларнинг зарари ҳақида тушунтиряпмиз.

Тўйлардаги бачкана урфлардан яна бири — Love story, яъни муҳаббат тарихи маросимидир. Меҳмонларга келин-куёвнинг танишганидан бошлаб бугунги кунгача бўлган муносабатлари видео тасвирда намойиш қилинмоқда. Бир пайтлар келиннинг отаси қизининг тўйига бормасди, бу уят ҳисобланарди. Энди эса оталар давра аҳлидан уялмай қизи ва куёвининг севги қиссасига гувоҳ бўляпти.

Хуллас, тўйларимиздаги айрим янгича «удумлар» туфайли ор-номусни ҳаётидан афзал билган халқнинг миллий қадриятларига путур етяпти. Бу менинг шахсий ишим, дейиш эса ҳеч кимга ярашмайди. Шу пайтга қадар дабдабали тўй ўтказгани учун обрўси ошиб кетган одамни кўрганмисиз?! Аммо бева-бечорадан ёрдамини аямаган, муҳтожга саховат кўрсатган, йўллар, кўприклар қурган инсонларнинг номи барҳаёт бўлиб қолади. Шундай экан, хулоса қилиш ўзингиздан, азиз маҳалладош!

Х.САФАРОВА


Манба: Х.САФАРОВА / Кўришлар: 134

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech