Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Бувайданинг энг миришкор маҳалласи
4 Apr 2019

Айни пайтда Бувайда туманидаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинида 44 мингдан зиёд хонадон мавжуд бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан ҳар бир оила томорқасидан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали ҳар бир хонадон ўз даромад манбаига эга бўлиши учун изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги 4 та сектор, шу билан бирга Бувайда тажрибаси асосида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида “Томорқа хизмати” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилди. Секторлар кесимида ҳудуддаги ҳар бир оиланинг томорқадан унумли фойдаланиш ҳолати ўрганилиб, томорқа эгаларининг талаб ва таклифлари асосида иш ташкил этиляпти.

Ҳозирги кунда Найман, Тепалик, Юқори Манғит, Оққўрғон сингари ўнлаб маҳаллаларимиз томорқадан самарали фойдаланиш бўйича барчага ибрат ва намуна бўлишмоқда, – дейди Бувайда тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Олияхон Асқарова. – “Бир маҳалла – бир маҳсулот”, “Бир кўча – бир маҳсулот” тамойиллари асосида тумандаги ҳар бир МФЙ бирор-бир маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириляпти. Бу борада Найман МФЙда яшовчи шахсий томорқа ер эгалари эришаётган ютуқлар эътиборга сазовордир.

Бу борада олиб борилган мониторинг ишлари натижасида туман миқёсида 540 та кам таъминланган оила аниқланиб, томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида ушбу оилаларга имтиёзли кредитлар расмийлаштириляпти.

Шу йилнинг 29 март куни Найман МФЙда бўлиб ўтган семинарда туман ҳокимлиги, АТ “Агробанк”, “Халқ банки”, “Микрокредитбанк”нинг Бувайда филиали мутахассислари, туман Бандликка кўмаклашиш маркази ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси масъул ходимлари иштирок этишди.

Семинарда “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири, лойиҳа раҳбари А.Тешабоевнинг маърузаси тингланди, томорқада мева-сабзавотлар етиштириш ва улкан даромадга эга бўлиш бўйича тайёрланган амалий тавсиялар, услубий қўлланмалар тарқатилди.

Бувайда, Учкўприк ва Данғара туманида томорқа эгаларига турли хизматлар кўрсатишни йўлга қўйганмиз, – дейди “Водий томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Рустам Маликов. – Ҳозирги кунда томорқа эгалари томонидан етиштирилган мева-сабзавотларни Қозоғистонга экспорт қилиш борасида келишув ишлари олиб борилмоқда. Истиқболли бизнес-режага кўра аҳолига наслли чорва молларини тарқатмоқдамиз, яқин келажакда МЧЖ қошида сутни қайта ишлаш корхонаси ҳам ташкил этилади.

Найман МФЙда ҳозирда 920 та хонадонда 4885 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар тасарруфида 40,2 гектар томорқа ери мавжуд. Меҳнат фахрийси Собиржон Бадалбоев маҳаллада биринчилардан бўлиб ўз томорқасида турли кўчатлар етиштириб сотишни йўлга қўйган эди. Айни пайтга келиб эса маҳалланинг аксарият хонадони томорқасида бодринг, помидор, булғор ва аччиқ қалампири, карам кўчатлари тайёрлаб сотиш орқали хонадон эгалари баҳор мавсумининг ўзида ўртача 10-25 миллион сўмгача даромадга эга бўлишмоқда. Хонадонлардаги мўъжазгина иссиқхоналарда етиштирилган кўчатларни Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг турли ҳудудларидан келган тадбиркорлар улгуржи нархларда олиб кетишади.

Маҳалламиздаги кўплаб хонадон бекалари томорқа юмушлари билан машғул, – дея суҳбатимизни давом эттиради Найман кўчасининг 563-уйида яшовчи Ҳамидилло Раҳимов. – Бугунги семинарда мутахассислар йилда бир маротаба энг кам иш ҳақи миқдорида суғурта бадали тўлаш ҳисобига томорқа эгалари бир йиллик меҳнат стажига эга бўлишлари мумкинлигини тушунтиришди. Томорқадан йилига икки-уч маротаба даромад олаётган маҳалладошларимиз бу янгиликни мамнуният билан қабул қилишди.

Семинар давомида Найман МФЙда яшовчи намунали томорқачилар тажрибаси ўрганилиб, мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилди.

Манба: http://haqiqat.uz/ / Кўришлар: 31

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech