Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Жазолаш эмас, олдини олиш муҳим
13 Mar 2019

Шу йилнинг 9 март куни вилоят ИИБда вилоятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, маҳаллаларда жиноятни барвақт аниқлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида фаоллик кўрсатаётган профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

Муҳтарам Президентимизнинг аҳолининг ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги профилактика инспекторига ишончи, бу – давлатга бўлган ишончдир, деган фикрлари замирида айни ҳаётий ҳақиқат мужассамдир,-деди вилоят раҳбари. – Асосий мақсад жиноятни жиловлаш экан, бунинг учун барчамиз ўзаро ҳамкорликда ишлашимиз керак. Бу борада ИИБ ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари ҳамиша дахлдорлик ва масъулият туйғусини асло унутмасликлари зарур. Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди ва ҳар бир жиноят ортида инсон тақдири бор. Бугунги кунда нафақат жиноятнинг олдини олиш, балки унинг келиб чиқиш омилларини аниқлашда ҳамжиҳатлик кучайиб бораётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Зеро, жиноятни жазолаш эмас, олдини олиш самаралидир.

Таъкидлаб ўтилганидек, 2018 йилда вилоятимизда жиноятчилик 37, жорий йилнинг икки ойида 19 фоизга камайишига эришилди. Аммо бу хотиржам бўлиш учун етарли эмас. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жиноятчиликка қарши курашиш бўйича янги концепция ишлаб чиқилди. Ички ишлар идоралари ходимлари учун ажратилаётган замонавий хизмат уйлари, имтиёзли ипотека кредити эвазига берилаётган автомашиналар ҳар бир ходим масъулиятини керак бўлса ўн карра ошириши лозим.

Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳматжон Маматов сўзга чиқиб, “Хавфсиз шаҳар”, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, “Жиноят ҳақиқати ва адолати” тамойили асосида барча шаҳар-туманларимизда мунтазам равишда кенг қамровли профилактик тадбирлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Тантанали тадбирда вилоятимизни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида фаоллик ва фидойилик кўрсатаётган профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари номи фахр билан тилга олиниб, вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ раҳбарияти, вилоят фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида уларга пул мукофотлари топширилди.

Маҳалламиздаги 604 та хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Профилактика инспектори Султонбек Эрматов билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида кейинги уч йилда маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир бўлмади,-дейди Қува тумани, Найман МФЙ раиси Султонпошша Меҳмонова. – Бундай эътибор ва рағбат бизни ўзаро ҳамкорликда янада яхши ҳамда самаралироқ меҳнат қилишга ундайди.

Риштон туманига қарашли Ариқбўйи ва Тўраобод МФЙларга хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспектори, майор Бахтиёр Эгамов 8140 нафар аҳоли яшовчи ҳудудда 2018 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят содир этилмаслигини таъминлади. Бу борада МФЙ раислари Бахтиёр Аҳрорқулов ва Қамбарали Мелибоевлар билан ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда.

Оилам билан замонавий хизмат уйида яшаймиз, иш фаолиятим узлуксизлигини таъминлаш учун эса имтиёзли кредит эвазига берилган автомашина жуда ҳам асқатяпти,-дея суҳбатимизни давом эттиради Бахтиёр Эгамов. – Бундан буён ҳам яратиб берилаётган шароит ва имкониятларга жавобан ушбу ҳудудда ҳар қандай кўринишдаги жиноятни жиловлашга ҳаракат қиламиз.

Тадбир якунида жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича самимий суҳбатлар уюштирилиб, келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Манба: http://haqiqat.uz/ / Кўришлар: 61

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech