Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Фарғона вилояти ҳокими Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчисини қабул қилди
6 Mar 2019

Шу йил 2 март куни Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.М.Ғаниев Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ибрагим Коджоназарович Джунусовни қабул қилди.

Элчига Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Кемалбей Садиков ва бошқалар ҳамроҳлик қилди.

Мамлакатларимиз раҳбарларининг одилона ташқи сиёсат олиб бораётганлари туфайли кейинги йилларда қўшни давлатлар билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб, ўзаро ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

Қабулда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қирғизистон элчисининг ташрифидан мамнунлигини изҳор этиб, ўзаро алоқаларимиз тобора ривожланиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.

120 дан ортиқ фарғоналик тадбиркорларимиз Ўш, Бишкек, Баткен, Норин, Қадамжой, Қизилқия каби ҳудудлар тадбиркорлари билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Айни кунларда Фарғона вилояти тадбиркорлари Қирғизистоннинг Баткен вилоятида пилла етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганлар. Ҳар йили қирғизистонлик кекса ёшли кишиларни “Чимён” санаторийсида дам олдириш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

-2018 йил Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик тарихда қоладиган йил бўлди, – деди Ш.Ғаниев. – Назорат-текширув пунктларининг очилиши, ҳар томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши халқимизга фақат  яхшилик олиб келади. Одамларнинг ҳаётини фаровон қилиш иккала давлат раҳбариятининг ҳам, бизларнинг ҳам – ягона мақсадимиз, шу йўлда халқ хизматига тайёрмиз.

Ибрагим Джунусов элчилик вазифасига киришганидан бошлаб чегараларни ўрганиб келаётганини айтди. Бугун Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам бўлиб, икки давлат чегараларидаги муаммоларни ўрганган элчининг фикрича, қолган назорат-текширув постлари ҳам очилса, икки давлат халқи учун қулайлик пайдо бўлиб, тирбандликлар йўқолади.

Тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, дилимиз бир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида олдиндан кўприк бор, биз шу кўприкни олтин кўприкка айлантиришимиз керак, – деди элчи жаноблари, – Ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мева-сабзавот, кўмир, картошка, цемент, пахта, травертин каби маҳсулотларнинг импорт-экспорти йўлга қўйилган. Президентларимиз ҳар икки давлатга товар айланишини 500 миллион доллар ҳажмига етказишни қатъий топшириқ қилиб қўйганлар. Иқтисодий йўналиш билан бирга, гуманитар алоқалар ҳам биринчи ўринда туриши керак деб ўйлайман. Қирғизистонда Ўзбекистон кунларини ўтказиш ҳаракатидамиз. Ёшлар ўртасидаги муносабатлар, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳам жуда муҳим. Ёшларимиз ота-боболаримиз босган тўғри йўлни босиб ўтиши керак.

Қабул сўнгида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси И.Джунусов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев эсдалик совғалари алмашдилар.

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 51

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech