Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Адолат ва холислик – бош мезон
8 May 2019

Шу йилнинг 1 май кунидан вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида дунёда ўз-ўзини бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалла фуқаролар  йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига киришилди.

Дастлабки кунда вилоятимиздаги 31 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган  сайловлар намунали тарзда ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда ушбу муҳим жараёнга алоҳида ҳозирлик кўрилди ва вилоятдаги 789 та умумтаълим мактаби, 109 та касб- ҳунар коллежи, 4 та маҳалла гузари  ҳамда 135 та бошқа обектларда сайловни адолат ва холислик, муқобиллик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилиши белгиланди.

Вилоят миқёсида 1037 маҳалла  фуқаролар йиғинлари раислигига кўрсатилган 2387 нафар номзоднинг рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 1325 нафари олий, 965 нафари ўрта-махсус,  97 нафари ўрта маълумотли катта ҳаётий тажрибага эга ҳамда элу юртда ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган мутахассислардир.

Фарғона шаҳрининг “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган  сайлов муқобиллик ва шаффофлик мезонлари бўйича ўтказилди.

Маҳалланинг кириш йўлакларига маҳалла фуқаролар йиғини раислигига номзоди кўрсатилган шахсларнинг  сайловолди дастурларига алоҳида ўрин ажратилди.  Шу тариқа сайловда овоз бериш ваколатига эга  бўлган 2 минг 885 нафар сайловчилар орасидан 309 нафар вакиллар рўйхати шакллантирилди. Сайлов жараёни қулай  ва очиқ-ошкора ўтиши учун сайлов бюллетенларини ташлаш қутилари ҳамда яширин овоз  бериш кабиналари замонавий тарзда жиҳозланди. Бепул тиббий хизмат, она ва бола, дам олиш хоналари хизмати йўлга қўйилди.

Муҳим жараёнга киришишдан аввал фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари  М. Умарова   кун тартибидаги масалаларга алоҳида тўхталиб, саноқ комиссиясини  овоз бериш йўли билан тасдиқлаб олди. Шундан сўнг ҳар икки номзод ҳақида қисқача маълумот берилди. Алифбо тартибида сўзга чиққан  номзодлар  ўзларининг режа ва мақсадлари, маҳалла раиси  бўлгач қандай ишларни амалга оширишлари мумкинлиги борасида сайловолди дастурини ўқиб эшиттиришди. Савол — жавоб, ўзаро мулоқотлардан сўнг ишчи гуруҳ раҳбари, аъзози  ва фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раҳбарларининг имзоси қўйилган сайлов бюллетенлари вакиллар томонидан яширин овоз бериш кабинасида тўлдирилди ҳамда сайлов қутисига ташланди.

Овоз бериш жараёнидан кейин эса саноқ комиссияси аъзолари сайлов қутиларини  очиб, номзодларга берилган овозларни ҳисоблаб чиқди. Саноқ комиссиясининг хулосасига кўра, вакилларнинг 211 нафари “Бешбола” маҳалла  фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб келган Расулжон Сайдалиевни иккинчи бор бу масъулиятли  вазифага муносиб кўришди. Вакилларнинг 91 нафар  Хадича Камолова номзодини ёқлаб овоз берган бўлса, 7 та сайлов бюллетенлари ноқонуний, дея эътироф этилди.

— Маҳалладошларимнинг менга бўлган ишончидан беҳад мамнунман, – дейди Расулжон  Сайдалиев. – Бундай юксак ишончнинг катта масъулияти ҳам бор. Боиси кейинги йилларда маҳалламизда аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини янада  яхшилаш йўлида кенг кўламли  ишлар амалга оширилаётган бўлса ҳам ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, Қува  шох кўчасида пиёдалар йўлаги қуриш, Қумариқ кўчасига ичимлик суви  тармоқлари тортиш, нон цехи ва 100 ўринли тикувчилик корхонаси фаолиятини ташкил этиш, аёллар учун фитнес клуб, ёшларга хорижий тилларни ўқитиш маркази фаолиятини йўлга қўйиш яқин истиқболдаги устувор вазифаларимиз сирасига киритилган.

Айни кунларда вилоятимиз шаҳар-туманларида  ўтказилаётган сайловларда маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлган, ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятига эга  инсонлар ушбу масъулиятли ва шарафли вазифага саралаб олинмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ.

***

  ҚУВАСОЙ

Юртимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди. Қувасой шаҳрида 30 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, мазкур сиёсий жараёнда қувасойликлар фаол иштирок этмоқдалар.

“Кокилон” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикасининг  “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуни талабларига кўра, сайлов билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш учун фуқаролар йиғини қарори билан 9 кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ҳудуддаги 8-умумтаълим мактаби биносида ташкил этилган сайловда қатнашган 286 нафар  вакиллар ўзлари танлаган номзодларга овоз бердилар.

­­ – Аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ, эндиликда  фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) билан бир вақтда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тартиби бекор қилинди, ­– дейди “Кокилон” МФЙ сайлов ўтказувчи ишчи гуруҳи аъзоси Муҳсинжон Меҳмонов. ­– икки ярим йил муддатга эмас, уч йилга сайланади. Сайлов фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилмоқда.

Бу ерда ишчи гуруҳининг фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилиб, транспорт хизматлари ҳам  йўлга қўйилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислигига  ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилардан 3 нафарининг номзоди кўрсатилди.

Муҳим жараён яширин овоз бериш орқали амалга оширилиб, очиқ ҳолатда сайловчилар олдида номзодлар тўплаган овозлар саналди. Якунга  кўра Солижон Ашуров   сайловчиларнинг 54 фоиз овозини олиб, “Кокилон“ МФЙ раиси этиб сайланди.

­–Эндиликда биз сайлаган ва ишонган йиғин раиси ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга астойдил бошчилик қилади, маҳалламиз аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини ўз иш фаолияти орқали ифода этади,  деган умиддамиз, ­–дейди маҳалла фаоли Тўлан Шамшиев.

Маҳалла –  меҳр-мурувват ва оқибат сингари чин инсоний фазилатларни  тарбия киладиган маскан.  Очиқлик ва шаффофлик билан ўтган ушбу сиёсий жараён маҳалланинг равнақ топишига, кўркам ва ободлигига, маҳалладошларнинг аҳилликда фаровон яшашларига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Манзура ШОДИЕВА.

 БАҒДОД

“Қўштегирмон-1” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 40-умумтаълим мактаби биносида ташкил қилинган сайлов кўтаринки руҳда ўтди.

Сайловчилар овоз бериб бўлгач, ҳамманинг кўз ўнгида ҳар икки номзод учун берилган овозлар ҳисоб-китоб қилинди. Сайловда қатнашган вакилларнинг 60 фоиз овозини олган Холдорали Йўлдошев “Қўштегирмон-1” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди.

— Катта ишонч билдирганингиз учун ҳаммангиздан миннатдорман, — деди йиғин раислигига янги сайланган Холдорали Йўлдошев. – Маҳалламиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳали олдимизда жуда кўплаб вазифалар турибди. Бу каби ишларни амалга оширишда, албатта, жамоатчиликка, сизларнинг ёрдамингизга таянаман.

Аҳолини фойдали меҳнатга жалб қилиш орқали ишсизикка барҳам бериш мақсадида кичик бизнесни ривожлантириш, хусусий ва оилавий тадбиркорликни, хусусан, касаначилик, ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик, шахсий томорқа хўжалиги билан шуғулланиш масалаларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш каби кўплаб вазифаларни амалга ошириш баробарида янги раисга маҳалла миқёсида ечимини кутаётган айрим масалалар ўртага ташланди.

   РИШТОН

Тумандаги 24-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ташкил этилган сайлов участкасида сайловчилар учун барча шароитлар яратилди.

Авваламбор, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига оид қонун ҳужжатлари, сайловни ўтказиш билан боғлиқ йўриқномалар ҳамда номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли, дастурлари кўринарли жойга илиб қўйилди. Белгиланган муддатда сайловчиларнинг 217 нафар вакиллари шакллантирилди, уларга сайлов қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берилди.

Сайлов бошланишидан олдин вакиллар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сайлов ҳайъати, саноқ комиссияси аъзолари ва котиблигига номзодлар кўрсатилди ва тасдиқланди. Ҳар бир вакил фуқаролик паспортини кўрсатган ҳолда сайлов бюллетенини олгач махсус хонада ўзи муносиб деб топган, халқ фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида изланувчан, эл фидойисини ёқлаб овоз берди. Сайлов ташкилотчилик ва шаффофликда бўлиб ўтди.

Вакиллар ўз овозларини бериб бўлгач ҳар икки номзод учун берилган овозлар ҳисоб-китоб қилинди ва умумий сайловда қатнашган вакилларнинг 75 фоиз овозини олишга муяссар бўлган Абдуғаппор Маматаипов “Ўйрат” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди.

Манба: http://haqiqat.uz / Кўришлар: 40

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech